Линклар

Шошилинч хабар
22 июн 2025, Тошкент вақти: 16:44

Трамп: АҚШ Эрон ядровий объектларига "жуда муваффақиятли" ҳужумлар уюштирди


2025 йил 21 июнь куни президент Дональд Трамп Оқ уйда чиқиш қилиб, АҚШ Эроннинг ядровий объектларига зарбалар берганини айтди.
2025 йил 21 июнь куни президент Дональд Трамп Оқ уйда чиқиш қилиб, АҚШ Эроннинг ядровий объектларига зарбалар берганини айтди.

Президент Дональд Трампнинг айтишича, АҚШ ҳарбийлари Исроил ва Эрон ўртасидаги можарога аралашган ҳолда Эроннинг учта ядровий объектига зарба берган. Бу ҳаракат Яқин Шарқдаги кенг қамровли уруш бошланиши борасидаги ҳавотирларни оширди.

Трамп 21 июнь куни “ажойиб ҳарбий муваффақият” ҳақида эълон қилди. Унга кўра, АҚШ самолётлари Исроил билан ҳамкорликда Фордов, Натанз ва Исфаҳондаги ядровий объектларни нишонга олган. Бу Эронни музокараларга кайтаришга каратилган дипломатик ҳаракатлар муваффақиятсизликка учраганидан сўнг амалга оширилди.

“Ҳамма бу номларни йиллар давомида эшитиб келди, чунки улар вайронкор дастурни қураётган эдилар,” деди Трамп Оқ уйдан халққа мурожаатида:

“Биздаги асосий мақсад — Эроннинг уран бойитиш имкониятларини йўқ қилиш ва терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатнинг ядровий таҳдидини тўхтатиш эди.”

Трамп АҚШ Эрон ядровий объектларига "жуда муваффақиятли" ҳужумлар уюштирганини эълон қилди Трамп АҚШ Эрон ядровий объектларига "жуда муваффақиятли" ҳужумлар уюштирганини эълон қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:16 0:00

Трамп, икки кун аввалгина Эрон ядровий объектларини йўқ қилиш бўйича Исроилга қўшилиш- қўшилмасликни икки ҳафта ичида ҳал қилишини айтган эди. Энди эса у бу зарбалар “Эроннинг асосий ядровий инфратузилмасини тубдан йўқ қилганини” даъво қилди.

“Яқин Шарқнинг “безори давлати” Эрон энди тинчликка келиши шарт. Агар улар буни қилмаса, келгусидаги ҳужумлар анча кучли ва осон бўлади,” деди Трамп. Унинг ортида вице-президент Жей Ди Ванс, ташқи ишлар вазири Марко Рубио ва мудофаа вазири Пит Хегсет туришди.

Трампнинг таъкидлашича, Эронни олдида “ё тинчлик, ё фожиа” кутмоқда ва ҳали кўплаб нишонлар қолмоқда.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бу ҳужумларни “ғазабга келтирувчи” деб атади ва “улар абадий оқибатларга олиб келади” деб огоҳлантирди. У Х ижтимоий тармоғида шундай ёзди:

“БМТнинг ҳар бир аъзоси бу қонунийликка зид, хавфли ва жиноий хатти-ҳаракатлардан ташвишга тушиши керак. Эрон ўз суверенитети, манфаатлари ва халқи ҳимояси учун барча чораларни кўради.”

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эскалациядан жиддий ташвишда эканини айтди:

“Бу можаро тезда назоратдан чиқиб кетиши ва тинч аҳоли, минтақа ҳамда дунё учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Трампни АҚШнинг Эронга қарши “қатъий” ҳужумлари билан табриклади ва бу воқеани Яқин Шарқда тинчликка олиб борувчи тарихий бурилиш деб атади.

“Президент Трампни табриклайман. Эрон ядровий объектларига нисбатан АҚШнинг ғаройиб ва адолатли қудрати билан жасур қарор чиқарганингиз тарихни ўзгартириши мумкин,” — деди Нетаньяху видеомурожаатида.

“Президент Трамп ва мен кўпинча шундай деймиз: куч орқали тинчлик. Аввало куч, сўнгра тинчлик келади,” — дея қўшимча қилди у.

АҚШ Сенати аъзоси Линзи Грэм (республикачилар — Жанубий Каролина) ҳам бу ҳужумларни қўллаб-қувватлади.

“Бу тўғри қарор эди. Бу режим буни ҳақ қилиб бўлган. Баркалла, Президент Трамп,” — деб ёзди у Х (собиқ Твиттер) ижтимоий тармоғида.

Бироқ, Трамп учун Эронга зарба бериш сиёсий жиҳатдан хавфли қарор бўлиши мумкин. У ўтган йили сайловда Америка қўшинларини чет эл можароларидан узоқ тутишга ваъда берганди. Унинг “Американи яна буюк қилайлик” ҳаракатига мансуб айрим тарафдорлари Трампни АҚШ армиясини Эронга қарши тўғридан-тўғри аралаштирмасликка чақирган эдилар.

Трампнинг Оқ уйдаги чиқиши пайти унинг ортида вице-президент Жей Ди Ванс, ташқи ишлар вазири Марко Рубио ва мудофаа вазири Пит Хегсет туришди.
Трампнинг Оқ уйдаги чиқиши пайти унинг ортида вице-президент Жей Ди Ванс, ташқи ишлар вазири Марко Рубио ва мудофаа вазири Пит Хегсет туришди.

“Фордов йўқ қилинди”

21 июнь куни АҚШнинг B-2 стелс бомбардимончилари — 13,500 килограммлик махсус бункер-йўқ қилувчи бомбаларни ташишга қодир самолётлар — АҚШдан учиб чиқиб, Тинч океани устида парвоз қилгани хабар қилинганди.

АҚШ ва Исроил расмийлари аввалроқ таъкидлашича, фақат АҚШ Эроннинг ер остига жойлаштирилган ядровий объектларига зарба бериш имкониятига эга.

Ҳужум амалга оширилганидан сўнг, Трамп ижтимоий тармоқдаги хабарда, Open Source Intel томонидан Х (собиқ Твиттер) орқали қайта бўлишилган баёнотида шундай деди:

“Фордов йўқ қилинди.”

Қум вилояти расмийларидан бирига кўра, Фордов мажмуасининг бир қисми “душман ҳаво ҳужумлари” натижасида зарбага учраган.

Бу зарбаларни камситган ҳолда, Эрон давлат телевидениеси “учта объектдан ядровий материаллар олдиндан олиб чиқилган” деб хабар берди.

Меҳдий Муҳаммадий, Эрон парламенти спикерининг катта маслаҳатчиси, Х тармоғида шундай деди:

“Фордовга ҳужумлар бўлиши мумкинлиги бир неча кечадан бери кутилган. Бу объект олдиндан эвакуация қилинган ва ҳужум натижасида қайтмас зарар кўрмаган. Иккита нарса аниқ: билимга бомба ташланмайди ва бу сафар қиморбоз ютқазади.”

Эроннинг Атом энергияси ташкилоти Фордов, Натанз ва Исфаҳондаги ядровий объектлар “душманлар томонидан” ҳужумга учраганини тасдиқлади.

Ташкилот бу ҳужумларни “ваҳшийлик” деб атади ва бу халқаро ҳуқуқни бузишини таъкидлади. Шунингдек, у Эроннинг “миллий саноати” тўхтатилишига йўл қўймаслигини билдирди.

Эроннинг ядровий назорат органи ҳужумга учраган ядровий объектлар яқинида яшовчи аҳолига ҳеч қандай хавф йўқлигини маълум қилди. Саудия Арабистонининг радиация бўйича регулятор ташкилоти эса ушбу ҳужумлар оқибатида мамлакат ва Ғарбий Осиё (Араб кўрфази)да радиация излари аниқланмаганини билдирди.

Исроил ва Эрон 13 июнда Исроил ҳаводан ҳужумлар бошлаганидан бери ўзаро йўқ қилувчи зарбалар алмашмоқда. Исроил буни Теҳрон ядровий қурол яратиш арафасида экани билан асослаган. Эрон эса ўз ядровий дастури атом бомбаси яратишга қаратилмаганини таъкидламоқда.

Бретт МакГёрк, АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгашининг собиқ аъзоси, “бункер-йўқ қилувчи бомба” (Massive Ordnance Penetrator) биринчи марта ҳарбий тарихда қўлланилганини айтди. У бу қурол айнан Фордов каби ер ости объектлари учун мўлжалланганини таъкидлади.

CNN’га берган изоҳида у миссиянинг режимни ағдаришга эмас, балки фақат ядровий объектларни нишонга олишга қаратилганини айтиб ўтди:

“Бу ерда минтақа ва Теҳронга юборилаётган хабар шундан иборат: бу фақат ядровий инфратузилмалар ҳақида. Бу миссия кенгайтирилмаган. Ва шу ерда тўхташи мумкин.”

Ричард Хаасс, АҚШнинг юқори мартабали собиқ дипломати ва Ташқи алоқалар кенгашининг собиқ раҳбари, Трамп нега айнан ҳозир ҳужумни бошлашга қарор қилгани қизиқарли бўлишини таъкидлади.

“Дипломатияга ишончини йўқотдими? Эрон ядровий ресурсларни кўчираётганидан хавотирдами? Ёки икки ҳафтанинг куттириши аслида тактик ҳаракатмиди? Агар охиргиси бўлса, бу АҚШ дипломатияси учун жуда салбий таъсир қилади,” — деб ёзди Хаасс Х саҳифасида.

Эрон президенти Масъуд Пезешкиён 21 июнь куни эрталаб шундай баёнот берди:

“Ҳар қандай шароитда ҳам Эрон ўз ядровий дастурини тўхтатмайди.”

Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Аббос Ароқчи эса АҚШ ҳарбийларининг бевосита аралашувини “ҳамма учун жуда-жуда хавфли” деб баҳолади.

Ароқчи бу сўзларни Туркияда бўлиб ўтган Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти йиғилиши доирасида айтди. Унга кўра, Эрон музокараларга очиқ, лекин Исроил ҳужумларини давом эттираëтган бир пайтда АҚШ билан музокара қилиш нияти йўқ.

Франция президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали суҳбатда Пезешкиён шундай деди:

“Эрон тинч ядровий фаолиятлар соҳасида ишонч мустаҳкамлаш мақсадида мулоқот ва ҳамкорликка тайёр.”

Бироқ у қўшимча қилди:

“Ядровий фаолиятларимизни тўлиқ тўхтатишга ҳеч қандай ҳолатда ҳам рози эмасмиз,” — деб хабар берди Эроннинг расмий IRNA ахборот агентлиги.

Форум

XS
SM
MD
LG